- 2025 йил кўп томонлама ҳамкорлик, халқаро ҳуқуқ ва фуқаролик жамиятига нисбатан тажовузкор ҳужумлар билан эсда қолди
- Таклиф қилинаётган муқобил ҳаракатлар ирқчиликка асосланган, патриархал, тенгсизликка тўла ва ҳуқуқларга зид дунё тартибидир
- Намойишчилар, фаоллар ва халқаро тузилмалар бунга қаршилик кўрсатиш, уни тўхтатиш ва ўзгартириш устида иш олиб бормоқда
Amnesty International ташкилоти бугун ўзининг йиллик “Дунёда инсон ҳуқуқларининг ҳолати” (The State of the World’s Human Rights) номли маърузасини тақдим этар экан, дунё қудратли давлатлар, корпорациялар ва ҳуқуқларга қарши ҳаракатларнинг кўп томонлама муносабатлар, халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига қилган ҳужумлари туфайли янги хавфли давр ёқасида турганидан огоҳлантиради. Ташкилот 144 мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга берган баҳосида давлатлар, халқаро идоралар ва фуқаролик жамияти “муроса сиёсати”дан воз кечиши ҳамда ушбу янги тартибнинг илдиз отишига йўл қўймаслик учун бундай ҳужумларга биргаликда қарши туриши кераклигини таъкидлайди.
“Биз давримизнинг энг қийин синовларига дуч келмоқдамиз. Инсоният давлатлараро инсон ҳуқуқларига зид ҳаракатлар ва ноқонуний урушлар, ҳамда очиқдан-очиқ иқтисодий товламачилик орқали ўз ҳукмронлигини ўрнатишга қарор қилган тажовузкор ҳукуматлар ҳужуми остида қолмоқда”, – деди Amnesty International ташкилоти бош котиби Аньес Калламар.
“Йиллар давомида Amnesty International дунёнинг ҳар бир нуқтасида инсон ҳуқуқларининг тобора емирилиб бораётганини қоралаб, ҳукуматлар ва корпоратив тузилмалар томонидан қоидаларнинг қўпол равишда бузилиши оқибатларидан огоҳлантириб келди. Шунингдек, биз бир неча бор икки хил стандартлар ва халқаро ҳуқуққа танлаб амал қилиш кўп томонлама тизим ва жавобгарликни қандай заифлаштирганини кўрсатдик.
Бу энг қудратли кучлар томонидан назорат ўрнатиш, жазосиз қолиш ва фойда олиш мақсадида инсон ҳуқуқлари пойдеворига ҳамда халқаро қоидаларга асосланган тартибга қилинаётган тўғридан-тўғри ҳужумдир
Аньес Калламар, Amnesty International ташкилоти бош котиби
“Ҳозирги вазиятнинг аввалгиларидан тубдан фарқи шундаки, биз энди тизим четларидаги емирилишларни шунчаки қайд этмаяпмиз. Бу энг қудратли кучлар томонидан назорат ўрнатиш, жазосиз қолиш ва фойда олиш мақсадида инсон ҳуқуқлари пойдеворига ҳамда халқаро қоидаларга асосланган тартибга қилинаётган тўғридан-тўғри ҳужумдир.”
“Яқин Шарқдаги кескинлашиб бораётган можаро айнан қонунсизлик сари қулаётганимизнинг маҳсулидир. БМТ Низомини бузган ҳолда АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган дастлабки ноқонуний ҳужумлар Эроннинг ҳеч кимни аямасдан жавоб қайтаришига сабаб бўлди. Шундан сўнг можаро тез фурсатда тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қарши очиқ урушга айланиб кетди ва бу бутун минтақа бўйлаб одамларнинг шундоқ ҳам ҳалокатли бўлган азоб-уқубатларини янада кучайтирди. Эндиликда у дунё мамлакатларини ўз домига тортиб, дунёнинг ҳамма жойидаги аҳолига таъсир кўрсатмоқда ва миллионлаб инсонларнинг тирикчилигига таҳдид солмоқда. Инсониятни ҳимоя қилиш учун машаққат билан яратилган меъёрлар, институтлар ва ҳуқуқий асослар ҳукмронлик қилиш мақсадида бузилганида айнан шундай ҳолат юзага келади.”
“Amnesty ташкилотининг 2025 йилнинг йиллик маърузаси шунчаки яқинлашиб келаётган таназзулдан огоҳлантириш эмас, балки айни пайтда юз бераётган инқирозни ҳужжатлаштириш ҳамда унинг 2026 йил ва ундан кейинги даврларда инсон ҳуқуқлари, глобал барқарорлик ва миллионлаб одамлар ҳаёти учун ҳалокатли оқибатларини ошкор қилишга қаратилган. Маъруза дунё давлатларини 2025 йилда қабул қилинган “муроса сиёсати”дан зудлик билан воз кечишга, қўрқувни енгишга ҳамда тажовузкор дунё тартибининг қурилишига сўзда ва амалда қарши туришга чақиради.”
Amnesty International-нинг 2025/26 йиллар учун йиллик маърузасини олинг
Тажовузкор ҳужумлар халқаро ҳуқуқнинг парчаланишини тезлаштирмоқда
Дунёда инсон ҳуқуқларининг ҳолати маърузаси ва Amnesty International ташкилотининг шу йилги ҳужжатлари халқаро ҳуқуқ доирасидаги кенг кўламли жиноятлар ҳамда халқаро адлия тизимига нисбатан тобора ортиб бораётган ҳужумларни батафсил баён қилади. Буларнинг барчаси дунё миқёсида инсон ҳуқуқлари таянадиган пойдеворларга жиддий зарар етказмоқда.
Исроил 2025 йилнинг октябридаги ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, Ғазода фаластинликларга қарши геноцидни давом эттирди ва улар устидан апартеид тизимини сақлаб қолди. Шу билан бирга, босиб олинган Ғарбий соҳилда, жумладан Шарқий Қуддусда, ноқонуний турар-жойлар кенгайишини тезлаштирди ва аннексия сари қадам ташлади. Исроил ҳукумати яҳудий кўчманчиларнинг фаластинликларга ҳужум қилиши ва уларни қўрқитишларига жазосиз равишда йўл қўйиб берди ёки бунга рағбатлантирди. Юқори мартабали амалдорлар эса фаластинликларга нисбатан зўравонликни, жумладан асоссиз ҳибсга олишлар ва маҳбусларни қийноққа солишни олқишлади ва улуғлади.
Америка Қўшма Штатлари Кариб денгизи ва Тинч океанида кемаларни бомбардимон қилиш орқали 150 дан ортиқ судсиз қатлларни амалга оширди ва 2026 йилнинг январида Венесуэлага тажовуз қилди. Россия Украинада муҳим фуқаролик инфратузилмасига ҳаво ҳужумларини кучайтирди. Мьянма ҳарбийлари эса ўтган йили моторли парапланлар орқали қишлоқларга портловчи қуроллар ташлаб, ўнлаб тинч аҳолини, жумладан болаларни ўлдирди.
Бирлашган Араб Амирликлари Тезкор қўллаб-қувватлаш кучларига (RSF) илғор Хитой қуролларини етказиб бериш орқали Судандаги можарони кучайтирди. Бу кучлар шаҳарни 18 ой қамал қилгандан сўнг ўтган йилнинг октябрда Эл-Фашерни эгаллаб, оммавий қотилликлар ва жинсий зўравонликлар содир этди. Конго Демократик Республикасида эса М23 қуролли гуруҳи Руанданинг фаол қўллаб-қувватлаши билан Гома ва Букаву шаҳарларини эгаллаб, тинч аҳолини ноқонуний равишда ўлдирди ва ҳибсдагиларни қийноққа солди.
2026 йил бошида АҚШ ва Исроилнинг БМТ Низомини бузган ҳолда Эронга қарши ноқонуний куч ишлатиши Эроннинг Исроил ва Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши давлатларига жавоб зарбалари беришига сабаб бўлди, Исроил эса Ливанга ҳужумларини кучайтирди. АҚШнинг Эрондаги мактабга берган ноқонуний зарбаси натижасида 100 дан ортиқ боланинг ҳалок бўлишидан тортиб, барча томонларнинг энергия инфратузилмасига қилган вайронкор ҳужумларигача – бу ихтилоф миллионлаб тинч аҳоли ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйди. Шунингдек, у шундоқ ҳам беқарор бўлган минтақада ва унинг ташқарисида энергия, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат ва сувдан фойдаланиш имкониятларига таъсир қилиб, тинч аҳолига ва атроф-муҳитга кенг кўламли ва узоқ муддатли зарар етказиш билан таҳдид қилмоқда.
Афғонистонда Толибон аёлларнинг таълим олиши, ишлаши ва эркин ҳаракатланишига янги тақиқлар қўйиш орқали уларга нисбатан тажовузкор сиёсатини кучайтирди. Эронда эса ҳукумат 2026 йилнинг январида намойишчиларни қирғин қилди, бу эҳтимол сўнгги ўн йилликлардаги энг қонли репрессия бўлди.
АҚШ, Исроил ва Россия ўтган йили халқаро жавобгарлик механизмларини, хусусан, Халқаро жиноят судини (ХЖС) янада заифлаштирди. Трамп маъмурияти ХЖС ходимлари, ҳамкорлари ва БМТнинг босиб олинган Фаластин ҳудудлари бўйича махсус маърузачисига нисбатан санкциялар жорий этди. Россия судлари эса ХЖС мулозимларини ҳибсга олишга ордер берди. Яна бир қанча давлатлар Рим статутидан ҳамда кассетали ўқ-дорилар ва пиёдаларга қарши миналарни тақиқловчи шартномалардан чиқди ёки чиқиш ниятини билдирди.
Агрессорлар билан муроса қилишга уриниш ҳаммамизни куйдирадиган ва келажак авлодлар тақдирига тажовуз қиладиган оловга мой сепиш билан баробардир
Аньес Калламар, Amnesty International ташкилоти бош котиби
Давлатларнинг аксарияти АҚШ, Россия, Исроил ёки Хитойнинг тажовузкор ҳаракатларини изчил қоралашни ёки дипломатик ечимлар топишни истамади ёки бунга қодир бўлмади. Европа Иттифоқи ва аксарият Европа давлатлари АҚШнинг халқаро ҳуқуқ ва кўп томонлама механизмларга қилган ҳужумларига кўз юмди. Улар Исроил геноцидини тўхтатиш ёки бутун дунё бўйлаб халқаро ҳуқуқ доирасидаги жиноятларни авж олдираётган масъулиятсиз қурол ва технологияларни етказиб беришга чек қўйиш учун сезиларли чоралар кўра олмадилар. Шунингдек, улар АҚШ томонидан санкциялар қўлланган шахсларни, жумладан ХЖС судьялари ва прокурорларини, ҳимоя қилиш учун тўсиқ қўювчи қонунларни қабул қилишни истамадилар. Италия ва Венгрия ўз ҳудудида ХЖС ордери берилган шахсларни ҳибсга олишдан бош тортди, Франция, Германия ва Польша эса худди шундай йўл тутишларига ишора қилдилар.
“Дунё етакчилари халқаро ҳуқуқ ва кўп томонлама тизимга қилинаётган ҳужумлар қаршисида ҳаддан ташқари бўйсинувчи бўлиб қолдилар. Уларнинг сукути ва ҳаракатсизлигини оқлаб бўлмайди. Бу маънавий инқироз бўлиб, у фақат чекиниш, мағлубият ва неча йиллар давомида машаққат билан қўлга киритилган инсон ҳуқуқлари ютуқларининг йўққа чиқаришга олиб келади. Агрессорлар билан муроса қилишга уриниш ҳаммамизни куйдирадиган ва келажак авлодлар тақдирига тажовуз қиладиган оловга мой сепиш билан баробардир”, – деди Аньес Калламар.
“Баъзилар охирги 80 йил ичида қурилган тизимни шунчаки хомхаёл деб инкор этишни хоҳлаши мумкин. Лекин бу умуминсоний ҳуқуқларни тан олиш, ирқий камситиш ва аёлларга нисбатан зўравонликдан ҳимоя қилувчи кўплаб халқаро конвенциялар ва миллий қонунларни қабул қилиш, ишчилар ва касаба уюшмалари ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ҳамда туб аҳолилар ҳуқуқларини тан олиш борасидаги машаққат билан эришилган ютуқларни эътиборсиз қолдириш демакдир. Бу давлатлар БМТ Низоми ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига амал қилишни танлаганда бартараф этилган қашшоқликни, мустаҳкамланган репродуктив ҳуқуқларни ва таъминланган адолатни унутиш демакдир.”
“Сиёсий ва иқтисодий тажовузкорлар ҳамда уларнинг ёрдамчилари кўп томонлама тизимни унинг самарасиз бўлгани учун эмас, балки уларнинг гегемонлиги ва назоратига хизмат қилмаётгани учун “ўлик” деб эълон қилишмоқда. Бунга жавоб уни хомхаёл деб аташ ёки тузатиб бўлмайди деб ҳисоблаш эмас, балки унинг камчиликларига тик қараш, оралатиб қўллаш амалиётига чек қўйиш ва уни барча одамларни тенг қатъият билан ҳимоя қилишга қодир қилиш учун ўзгартиришда давом этишдир.”


Фуқаролик жамиятига нисбатан шиддатли ҳужумлар бутун дунё бўйлаб тарқалмоқда
2025 йилда фуқаролик жамияти ва ижтимоий ҳаракатларга қарши ҳужумларнинг кенгайиши кучайди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, ташкилотлар ва диссидентларни сукут сақлашга мажбур қилиш ҳамда уларни ҳуқуқларидан маҳрум этишга қаратилган изчил ҳаракатлар дунёнинг деярли ҳар бир қисмида тарқалди.
Непал ва Танзания ҳукуматлари сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий норозиликларни бостириш учун ўқотар қуроллардан ноқонуний фойдаланишда алоҳида шафқатсизлик кўрсатдилар. Афғонистон, Хитой, Миср, Ҳиндистон, Кения, АҚШ ва Венесуэла ҳукуматлари ҳам намойишларни зўравонлик билан бостирдилар, терроризмга қарши кураш ва хавфсизлик қонунлари орқали ўзгача фикрлашни жиноят деб эълон қилдилар ёки суиистеъмолликка асосланган полиция тактикалари, мажбурий ғойиб бўлишлар ва судсиз қатллардан фойдаландилар.
Буюк Британия ҳукумати Palestine Action номли асосан Исроил қурол ишлаб чиқарувчилари ва уларнинг шўъба корхоналарига қаратилган тўғридан-тўғри норозилик намойишлари таромоғини терроризмга қарши кураш ҳақидаги жуда кенг қамровли қонунлар асосида тақиқладилар ва ушбу тақиққа тинч йўл билан қарши чиққан 2700 дан ортиқ кишини ҳибсга олдилар. 2026 йил февраль ойида Британия Олий суди буни ноқонуний деб топди. Ҳукумат ушбу қарор устидан апелляция бермоқда.
Туркия ҳукумати Истанбул мэри ва президентликка номзод Экрем Имамўғлу ҳибсга олинганидан кейин юзлаб тинч намойишчиларни ҳибсга олди. Имамўғлунинг ўзи коррупцияда айбланиб, сиёсий сабабларга асосланган таъқибга учраган 400 дан ортиқ кишидан биридир.
АҚШ ҳукумати мигрантлар, қочоқлар ва бошпана изловчиларга қарши ноқонуний чоралар кўришни бошладилар, бунда заруратсиз ва ҳаддан ташқари куч ишлатиш, ирқий камситиш, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ҳамда қийноқ ва мажбурий ғойиб бўлишга тенглаштирилган амалиётлар қўлланган. Лотин Америкасида Эквадор, Сальвадор, Никарагуа, Парагвай, Перу ва Венесуэла каби давлатлар фуқаролик жамияти ташкилотлари устидан номутаносиб назорат ўрнатувчи ҳуқуқий асосларни қабул қилдилар ёки мавжуд қонунларни реформа қилдилар. Бу уларнинг фаолият юритиши, ресурслардан фойдаланиши, жамоатларни қўллаб-қувватлаши ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишига бевосита тўсқинлик қилади.
Кўплаб ҳукуматлар корпоратив тузилмалар кўмагида сўз эркинлиги ва маълумот олиш ҳуқуқини чеклаш учун жосуслик дастурлари ва рақамли цензурадан фойдаландилар. АҚШ расмийлари фаластинликлар билан бирдамлик билдирган чет эллик талабаларни ҳибсга олиш ва депортация қилиш учун сунъий интеллектга асосланган кузатув воситаларидан фойдаланди. Сербия ҳукумати намойишчи талабалар, фуқаролик жамияти ва журналистларга қарши жосуслик дастурлари ва рақамли криминалистика воситаларидан фойдаланди. Кения расмийлари ёшлар бошчилигидаги намойишларни бостириш учун онлайн қўрқитиш, таҳдидлар, адоват қўзғатиш ва ноқонуний кузатув каби технологияга асосланган репрессия тактикаларини тизимли равишда жорий этди.
АҚШ, Канада, Франция, Германия ва Буюк Британия, шу жумладан, халқаро ёрдам бюджетларини кескин қисқартиришини эълон қилди ёки амалга оширди. Ваҳоланки, бу қарорлар миллионлаб одамларнинг олдини олиш мумкин бўлган ўлимига олиб келиши эҳтимоли маълум эди. Шу билан бирга, айрим ҳолларда ҳарбий харажатларнинг кескин оширилиши кузатилди. Бу нодавлат ташкилотларнинг матбуот эркинлиги, иқлим ўзгаришига чидамлилик, гендер адолати, қочоқларни ҳимоя қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш ва репродуктив ҳуқуқларни таъминлаш борасидаги ҳаракатларига ҳалокатли зарба берди.
Кўплаб давлатлар миллиардерлар ва корпоратив гигантларнинг солиқ тўлашдан бош тортишига чек қўйишга қаршилик кўрсатишда давом этди ва корпоратив кучларни жиловловчи чекловларни янада заифлаштирди. АҚШда жамоатчилик иштирокига қарши стратегик даъволар (SLAPP) фуқаролик жамиятига салбий таъсир кўрсатди; шундай даъволардан бири натижасида суд Greenpeace ташкилотини қазиб олинувчи ёқилғи компаниясига 345 миллион доллар (дастлабки 660 миллион доллардан камайтирилган) тўлашига ҳукм чиқарди.
АҚШ президенти иқлим ўзгаришини “фирибгарлик” деб атаган бир вақтда, ҳукуматлар иқлим туфайли кўчиш муаммосини ҳал қилиш, қазиб олинувчи ёқилғидан адолатли воз кечиш ёки иқлим бўйича ҳаракатларни молиялаштиришни етарлича ошириш учун деярли ҳеч нарса қилмадилар. Ваҳоланки, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (the UN Environment Programme) 2100 йилга бориб дунёда ҳарорат саноатгача бўлган даврга нисбатан 3°C га кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
“Зўравонлар ва тажовузкорлар ўзлари вайрон қилмоқчи бўлаётган номукаммал глобал тажрибага муқобил сифатида нимани таклиф қилмоқдалар? Улар таклиф қилаётган дунё тартиби ирқий, гендер ва иқлим адолатини масхара қиладиган ва четга суриб қўядиган, фуқаролик жамиятига душман сифатида қарайдиган ва халқаро бирдамликни рад этадиган тартибдир. У ўзгача фикрни бостириш, қонунни қуролга айлантириш ва “бошқалар” деб ҳисобланганларни инсонийликдан маҳрум қилиш устига қурилган. Уларнинг дунёқараши умумий инсонийликка ҳурматга эмас, балки ҳарбий куч, савдо ҳукмронлиги ва технологик гегемонияга асосланган. Бу, аслида, маънавий мезонлари бўлмаган дунёқарашдир», – деди Аньес Калламар.


Намойишчилар, фуқаролик жамияти ва халқаро идоралар қаршилик кўрсатиш, тўхтатиш ва ўзгартириш ҳаракатларига бошчилик қилмоқдалар
Қийинчиликларга қарамай, бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар адолатсизлик ва авторитар амалиётларга қаршилик кўрсатмоқда.
2025 йилда Z авлоди (Gen Z) иштирокидаги намойишлар ўндан ортиқ мамлакатни, жумладан, Индонезия, Кения, Мадагаскар, Марокаш, Непал ва Перуни қамраб олди. Венгрияда эса 300 000 га яқин киши ЛГБТИ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Будапешт Прайд тадбирига қўйилган тақиқни инкор этиб, кўчаларга чиқди. 2026 йил бошида Лос-Анжелесдан Миннеаполисгача бўлган намойишчилар АҚШ иммиграция хизматининг зўравонлик ва ҳарбийлашган рейдларига қарши кўча ва кварталлар бўйлаб қаршилик ташкил этдилар.
Ўтган йили Исроилнинг геноцидига қарши оммавий намойишлар бутун дунё бўйлаб тарқалди ва 40 дан ортиқ мамлакатдан келган инсонпарварлик фаоллари фаластинликлар билан бирдамлик билдириш учун флотилияларни ташкил қилдилар. Исроилга қурол етказиб беришга қарши глобал фаоллик кенгайди; Франция, Греция, Италия, Марокаш, Испания ва Швециядаги порт ишчилари қурол ташиш йўналишларини тўхтатишга ҳаракат қилдилар. Жамоатчилик фаоллиги ва ҳуқуқий босим натижасида бир қанча давлатлар Исроилга қурол экспортини чеклади ёки бутунлай тақиқлади.
Кўплаб ҳукуматлар халқаро адолат тизимига бўлган ҳужумларни сукут билан кутиб олсалар ҳам, бир қатор давлатлар ва идоралар кўп томонлама муносабатлар ва қонун устуворлигига содиқлигини намойиш этиб, ушбу тенденцияга қарши чиқдилар. Исроил геноцид содир этаётганини тан олаётганлар сони ортиб бормоқда; бир неча давлат Исроилни халқаро ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортишга қаратилган Гаага гуруҳига қўшилди ва Жанубий Африканинг Халқаро суддаги (ICJ) Исроилга қарши даъвосига ўз ҳиссасини қўшди.
Филиппин собиқ президент Родриго Дутертени инсониятга қарши қотиллик жиноятлари бўйича жавоб бериши учун Халқаро жиноят судига (ХЖС) топширди. Суд, шунингдек, гендер асосидаги таъқиблар учун Толибоннинг икки етакчисини ҳибсга олишга ордер берди. Европа Кенгаши ва Украина Украинага қарши тажовуз жинояти бўйича махсус трибунал ташкил этишга келишдилар, Марказий Африка Республикасидаги гибрид суд эса қуролли гуруҳнинг олти нафар собиқ аъзосини уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун айбдор деб топди.
Инсоният манфаати йўлида тарихни яратиш вақти айни ҳозирдир
Аньес Калламар, Amnesty International ташкилоти бош котиби
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Афғонистон учун мустақил тергов механизмини, Конго Демократик Республикасининг шарқий қисми учун фактларни аниқлаш миссияси ва Тергов комиссиясини тузди, шунингдек, Эрон бўйича фактларни аниқлаш миссияси ваколатларини кенгайтирди. БМТнинг мажбурий солиқ конвенцияси ва Инсониятга қарши жиноятлар тўғрисидаги конвенцияси йўналишида сезиларли ютуқларга эришилди. Халқаро суд (ICJ) ва Интерамерика инсон ҳуқуқлари суди давлатларнинг иқлимга етказилган зарарга жавоб бериш бўйича инсон ҳуқуқлари мажбуриятларини тасдиқловчи тарихий маслаҳат хулосаларини чиқарди.
2026 йилда янада кўпроқ давлатлар авторитар амалиётларга ва қоидаларга асосланган тартибга қилинаётган ҳужумларга қарши очиқ гапиришни бошлади. Хусусан, Испания ҳукумати қатъий позицияни эгаллади, бироқ бундай чақириқлар қатъий ва изчил ҳаракатлар билан қўллаб-қувватланиши лозим.
“Шаҳар кўчаларидан тортиб кўп томонлама форумларгача, 2025 йил намойишчилар, дипломатлар, сиёсий етакчилар ва дунё бўйлаб кўплаб бошқа инсонларнинг кучли қаршилиги ва бирдамлигини кўрсатди. Биз уларнинг мисоллари ва жасоратига таяниб, глобал тартибни қайта кўриб чиқиш, тиклаш, шунингдек, уни инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва умуминсоний қадриятлар атрофида марказлаштириш учун кучли коалициялар тузишимиз керак”, – деди Аньес Калламар.



