Махфийлик сиёсати

Кириш

Amnesty International ташкилоти узоқ вақтдан бери махфийлик ҳуқуқи ҳамда ноқонуний кузатув ва аралашувларга қарши курашиб келади. Биз одамлар биз билан бўлишадиган шахсий маълумотларга ҳам худди шундай эҳтиёткорлик билан ёндашамиз.

Ушбу сиёсат биз қандай шахсий маълумотларни тўплашимиз, улардан нима мақсадда фойдаланишимиз, сизнинг шахсий маълумотларингизни тўплаш ва сақлашда таянадиган ҳуқуқий асослар, уларни кимлар билан бўлишишимиз, қанча муддат давомида сақлашимиз ва сиз қандай ҳуқуқларга эга эканлигингизни тушунтиради. Ундан фойдаланиш қулайроқ бўлиши учун биз уни оддий ва тушунарли тилда ёздик.

Ушбу сиёсат Amnesty International Limited (Amnesty International ҳаракатининг Халқаро котибияти) томонидан www.amnesty.org веб-сайти ва Халқаро котибият томонидан бошқариладиган ва юритиладиган бошқа веб-сайтлар, онлайн тизимлар, анкеталар, кампаниялар, таълимга оид тадбирлар, хайрия саҳифалари, аъзоликка қизиқиш билдириш шакллари, ишга қабул қилиш жараёнлари ва биз юритадиган бошқа оммавий хизматлар орқали қайта ишланадиган шахсий маълумотларга тегишлидир.

“Amnesty International”, “биз”, “бизни” ёки “бизнинг” деганимизда, Amnesty International Халқаро котибиятининг асосий фаолият юритувчи компанияси бўлган Amnesty International Limited (https://www.amnesty.org/en/who-we-are/) назарда тутилади. Amnesty International Limited компанияси Англия ва Уэльсда 01606776 рақами остида кафолат билан чекланган компания сифатида рўйхатдан ўтган.

Amnesty International ушбу сиёсатда кўрсатилганшахсий маълумотларнинг назоратчиси ҳисобланади. Бу шуни англатадики, ушбу маълумотлардан нима учун ва қандай фойдаланишни биз ҳал қиламиз. Бизнинг алоқа маълумотларимиз ушбу сиёсатнинг охирида келтирилган. Агар сизда саволлар бўлса ёки махфийлик ҳуқуқларингиздан фойдаланмоқчи бўлсангиз, биз билан почта, электрон почта ёки телефон орқали боғланишингиз мумкин.

Amnesty International ташкилотининг айрим қисмлари, структуралари ёки ҳамкор ташкилотлари ўз махфийлик сиёсатига эга бўлишлари мумкин. Бошқа ташкилот сизнинг маълумотларингиз назоратчиси бўлган ҳолларда, ушбу сиёсат ўша ташкилотларнинг сиёсатини ўрнини босмайди.

Биз йиғадиган шахсий маълумотлар

Биз йиғадиган шахсий маълумотлар сизнинг биз билан қандай алоқа қилишни танлашингизга боғлиқ. Сиз веб-сайтларимизнинг барча саҳифаларидан ўзингизнинг кимлигингизни бизга билдирмасдан фойдаланишингиз мумкин. Шунда ҳам биз техник маълумотларни, масалан, IP-манзилингиз, қурилмангиз ҳақидаги маълумотларни ҳамда cookie файллар ёки шунга ўхшаш технологиялар маълумотларини тўплашимиз мумкин.

Биз шахсий маълумотларни қуйидаги ҳолларда тўплаймиз:

  • петиция (жамоавий мурожаат) имзолаганингизда, онлайн акцияда қатнашганингизда ёки кампанияга қўшилганингизда;
  • Amnesty International ташкилотига қўшилиш ёки халқаро аъзо бўлишга қизиқиш билдирганингизда;
  • бизга хайрия ёки бошқа тўловларни амалга оширганингизда;
  • янгиликлар, тадбирлар, маблағ йиғиш (фандрайзинг) кампаниялари ёки бизнинг бошқа хабарномаларимизга обуна бўлганингизда;
  • инсон ҳуқуқлари бўйича таълим курсларига рўйхатдан ўтганингизда;
  • бошқа онлайн кампаниялар ёки тадбирларда, масалан, Amnesty International Decoders лойиҳасида иштирок этганингизда;
  • биздаги бўш иш ўринлари, кўнгиллилик (волонтёрлик) имкониятлари, малака ошириш ёки шунга ўхшаш лавозимлар учун ҳужжат топширганингизда;
  • биз билан боғланганингизда, сўров юборганингизда, шикоят қилганингизда ёки махфийлик ҳуқуқларингиздан фойдаланганингизда; ёки
  • веб-сайтларимиз, электрон почталаримиз, анкеталаримиз, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз ёки бошқа онлайн хизматларимиздан фойдаланганингизда.

Биз тўплайдиган шахсий маълумотлар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

  • исмингиз, ёшингиз ёки ёш оралиғингиз, манзилингиз, электрон почта манзилингиз ва телефон рақамингиз;
  • мамлакатингиз, тилингиз, сиз маъқул кўрган алоқа усуллари ва Amnesty International фаолиятига оид қизиқишларингиз;
  • петициялар, кампания ҳаракатлари, аъзоликка қизиқиш билдириш шакллари, курсларга рўйхатдан ўтиш, сўровномалар, сўровлар ёки шикоятларда сиз тақдим этган маълумотлар;
  • хайрия ва тўлов маълумотлари, жумладан, хайрия суммаси, санаси, тўлов ҳолати ва тўлов идентификатори. Карта маълумотлари учинчи томон тўлов провайдерларимиз томонидан шифрланади. Amnesty International сизнинг тўлиқ карта маълумотларингизни сақламайди;
  • техник маълумотлар, масалан, IP-манзил, қурилма тури, браузер тури, операцион тизим, ташриф буюрилган саҳифалар, босилган ҳаволалар, ташриф санаси ва вақти, техник маълумотлардан келиб чиқиб тахмин қилинган жойлашув, cookie файл идентификаторлари ва шунга ўхшаш онлайн идентификаторлар биз томонимиздан, шунингдек, учинчи томон тўлов провайдерларимиз томонидан уларнинг шартлари ва қоидаларига мувофиқ тўпланиши мумкин. Amnesty International учинчи томон провайдерларининг махфийлик сиёсати учун жавобгар эмас;
  • ишга қабул қилиш бўйича маълумотлар, масалан, аризангиз, резюме (CV), кузатув хати, меҳнат фаолияти тарихи, малакангиз, тавсияномалар, суҳбат қайдлари, баҳолаш натижалари, ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи маълумотлар ва ишга қабул қилиш жараёнини бошқариш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар;
  • махсус тоифадаги маълумотлар, агар сиз уларни тақдим этишни танласангиз, биз билан алоқангиз уларни ошкор қилса ёки кўрсатса, ёхуд улардан фойдаланиш биз учун ўринли ва қонуний бўлса. Бунга ирқий ёки этник келиб чиқиши, сиёсий қарашлари ёки эътиқодлари, дини ёки ишончи, касаба уюшмасига аъзолиги, соғлиғи, ногиронлиги, жинсий ҳаёти ёки жинсий ориентацияси ҳақидаги маълумотлар кириши мумкин; ва
  • жиноий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар, агар бу ишга қабул қилиш жараёни, хавфсизликни таъминлаш, фирибгарликнинг олдини олиш, ҳуқуқий даъволар, қонуний мажбуриятлар ёки бошқа қонуний мақсадлар учун тегишли бўлса.

Биз фақат ўзимиз учун зарур бўлган маълумотларни сўраймиз. Маълумотларни тақдим этиш ихтиёрий бўлган ҳолларда, имкон қадар буни аниқ кўрсатиб ўтамиз. Агар сиз бирор бир хизматни кўрсатишимиз, хайрияни қайта ишлашимиз, аризани баҳолашимиз ёки қонуний талабни бажаришимиз учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этмасангиз, биз ушбу ҳаракатларни амалга ошира олмаслигимиз мумкин.

Веб-сайтларимиз cookie файллар ва шунга ўхшаш технологиялардан фойдаланади. Буларга кичик файллар, пикселлар, теглар ва маҳаллий хотира кириши мумкин. Улар веб-сайтларнинг ишлашига, танловларни эслаб қолишга, одамлар бизнинг хизматларимиздан қандай фойдаланаётганини тушунишга, кампанияларни баҳолашга, контентни яхшилашга ва қонунчилик томонидан рухсат берилган ҳолларда реклама ёки маблағ йиғиш фаолиятини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.

Айрим cookie файллар веб-сайтларимиз ишлаши учун зарурдир. Бошқалари эса ихтиёрий ҳисобланади. Қонунчилик талаб қилган ҳолларда, ихтиёрий cookie файллар ёки шунга ўхшаш технологияларни ўрнатишдан олдин биз сизнинг розилигингизни сўраймиз. Сиз ўз танловларингизни веб-сайтларимиздаги cookie файллар созламалари воситалари ёки браузерингиз созламалари орқали ўзгартиришингиз мумкин.

Cookie файллар ва шунга ўхшаш технологиялар IP-манзилларни, қурилма идентификаторларини, браузер маълумотларини, кўрилган саҳифаларни, босилган ҳаволаларни ва бошқа онлайн фаолият ҳақидаги маълумотларни тўплаши мумкин. Сизнинг танловингиз ва сиз қўлланадиган технологияга қараб, ушбу маълумотларнинг баъзилари таҳлилий, реклама ёки ижтимоий тармоқ платформалари билан баҳам кўрилиши мумкин. Cookie файллар, пикселлар ёки шунга ўхшаш технологиялардан реклама, аудиторияни ўлчаш ёки сайтлараро кузатув учун фойдаланиладиган ҳолларда, биз улардан фақат қонун ҳужжатларида рухсат этилган ва сизнинг cookie файллар бўйича танловингизга мос келадиган тарзда фойдаланамиз.

Батафсил маълумот, жумладан, биз фойдаланадиган cookie файллар турлари ва уларни қандай бошқариш кераклиги билан танишиш учун Cookie файллар тўғрисидаги баёнотимизни ўқинг (https://www.amnesty.org/uz/cookie-statement/).

Шахсий маълумотларингиздан қандай фойдаланишимиз ва қонуний асосларимиз ҳақида

Маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка кўра, шахсий маълумотлардан фойдаланиш учун бизда қонуний асос бўлиши керак. Биз кўзланган мақсад ва тегишли маълумотлар турига қараб турли хил қонуний асосларга таянамиз.

Биз сизнинг шахсий маълумотларингиздан қуйидаги мақсадларда фойдаланамиз:

Онлайн кампаниялар ва таълим тадбирлари

Петициялар, электрон почта орқали амалга ошириладиган ҳаракатлар, кампаниялар ва онлайн тадбирларни ўтказиш ҳамда бажарган ҳаракатингиз кампаниянинг бир қисми бўлган ҳолатда, уни мўлжалдаги қабул қилувчига юбориш учун. Одатда, биз амалга оширилаётган ҳаракатга қараб, сизнинг розилигингизга, инсон ҳуқуқлари бўйича кампаниялар ўтказишдаги қонуний манфаатларимизга ёки уларнинг иккаласига таянамиз. Агар тегишли маълумот махсус тоифадаги маълумот бўлса ёки сизнинг иштирокингиз махсус тоифадаги маълумотларни ошкор қилса ёхуд кўрсатса, биз контекстга қараб, шунингдек, тегишли махсус шартларга, масалан, аниқ ифодаланган розиликка, сиз томондан очиқ-ойдин оммалаштирилган маълумотларга, сезиларли жамоатчилик манфаатига ёки маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бошқа тегишли шартларга таянамиз.

Сиз рўйхатдан ўтган инсон ҳуқуқлари бўйича таълим курслари, тадбирлар ёки бошқа хизматларни тақдим этиш учун. Биз шартномага, шартнома тузишдан олдинги чора-тадбирларга, тегишли ҳолларда розиликка ҳамда ушбу хизматларни тақдим этиш ва яхшилашдаги қонуний манфаатларимизга таянамиз.

Хабарларингизга жавоб бериш

Сизнинг сўровларингиз, шикоятларингиз ва мурожаатларингизга жавоб бериш учун. Биз ўзимиз билан боғланадиган одамларга жавоб беришдаги қонуний манфаатларимизга ҳамда қонунчилик жавоб беришни ёки қайдларни сақлашни талаб қилган ҳолларда қонуний мажбуриятларга таянамиз.

Кампания янгиликлари

Кампания янгиликлари, маблағ йиғиш бўйича сўровлар, бюллетенлар ва бошқа маркетинг хабарларини юбориш учун. Талаб этилган ҳолларда биз розиликка таянамиз, қонунчилик йўл қўйган ҳолларда эса қонуний манфаатларга таянишимиз мумкин. Сиз исталган вақтда ушбу хабарномалардан воз кечишингиз мумкин.

Аъзолик

Amnesty International ташкилотига қўшилиш бўйича қизиқиш билдиришингизни бошқариш ва тегишли ҳолларда халқаро аъзоликни маъмурийлаштириш учун. Биз шартномага, шартнома тузишдан олдинги чора-тадбирларга, қонуний манфаатларга ва тегишли бўлган ҳолларда қонуний мажбуриятларга таянамиз.

Маблағ йиғиш (фандрайзинг)

Хайриялар ва бошқа тўловларни қайта ишлаш, квитанциялар юбориш, тўлов қайдларини бошқариш ва фирибгарликнинг олдини олиш учун. Биз шартномага, қонуний мажбуриятларга ва қонуний манфаатларга таянамиз. Шунингдек, тўлов маълумотларидан молиявий, солиқ, аудит ва пул ювишга қарши курашиш талабларига риоя қилиш учун фойдаланишимиз мумкин.

Ишга қабул қилиш

Иш, кўнгиллилик, малака ошириш ва шунга ўхшаш лавозимларга топширилган аризаларни баҳолаш ва бошқариш учун. Биз шартнома тузишдан олдинги чора-тадбирларга, шартномага, қонуний мажбуриятларга ҳамда муносиб номзодларни адолатли ва самарали тарзда ишга қабул қилишдаги қонуний манфаатларимизга таянамиз. Ишга қабул қилишда хилма-хиллик, инклюзивлик ва тенг имкониятларни назорат қилиш (мониторинг қилиш) учун. Биз, одатда, мкон қадар, анонимлаштирилган ёки умумлаштирилган маълумотлардан фойдаланамиз. Шахсни аниқлаш имконини берувчи махсус тоифадаги маълумотлардан фойдаланган ҳолларда, биз аниқ берилган розиликка ёки маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бошқа тегишли шартга, масалан, тегишли ҳолларда тенглик мониторинги учун сезиларли жамоатчилик манфаатига таянамиз.

Онлайн хизматларимизни ҳимоя қилиш ва яхшилаш

Веб-сайтларимиз, тизимларимиз, ходимларимиз ва маълумотларимиз хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, суиистеъмол, фирибгарлик, кибер можаролар ва рухсатсиз киришнинг олдини олиш учун. Биз қонуний манфаатларга ва тегишли бўлган ҳолларда қонуний мажбуриятларга таянамиз.

Веб-сайтларимиз, кампанияларимиз, хизматларимиз ва хабарномаларимизни таҳлил қилиш ва яхшилаш учун. Биз қонуний манфаатларга, ихтиёрий cookie файллар ёки шунга ўхшаш технологиялар учун талаб қилинадиган ҳолларда эса розиликка таянамиз.

Ҳуқуқий ва бошқарув талаблари

Фаолиятимизни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳолларда маълумотларни Amnesty International ҳаракати ичида ва хизмат кўрсатувчи провайдерлар билан бўлишиш учун. Контекстга қараб, биз қонуний манфаатларга, шартномага, қонуний мажбуриятга ёки розиликка таянамиз.

Ҳуқуқий даъволарни ўрнатиш, амалга ошириш ёки ҳимоя қилиш, суд қарорларини бажариш, ҳукумат органларнинг қонуний сўровларига жавоб бериш ҳамда тартибга солувчи ёки ҳуқуқий мажбуриятларни бажариш учун. Биз қонуний мажбуриятга, қонуний манфаатларга ва тегишли бўлган ҳолларда жамоатчилик манфаати ёки ҳуқуқий даъво шартларига таянамиз.

Камдан-кам ҳолларда, кимнингдир ҳаётий манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлганда, масалан, фавқулодда вазиятларда ёки қонун томонидан тан олинган муҳим жамоатчилик манфаатлари мақсадларида шахсий маълумотлардан фойдаланишимиз мумкин.

Махсус тоифа ва жиноий ҳуқуқбузарликларга оид маълумотлар

Махсус тоифадаги маълумотлар қўшимча ҳимояни талаб қилади. Сизнинг биз билан боғланишингиз ёки ҳамкорлик қилишингизнинг баъзи усуллари сиз ҳақингиздаги нозик маълумотларни, масалан, сиёсий қарашларингиз, эътиқодларингиз, кампанияларга оид қизиқишларингиз, инсон ҳуқуқларига доир хавотирларингиз, шахсий тажрибангиз, соғлиғингиз, ногиронлигингиз, этник келиб чиқишингиз, динингиз ёки ишончингиз, жинсий ҳаётингиз ёки жинсий ориентациянгизни ошкор қилиши ёки уларга ишора қилиши мумкин. Масалан, бу ҳолат сиз петиция имзолаганингизда, кампания ҳаракатларида қатнашганингизда, инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича биз билан боғланганингизда, бизга шахсий шароитингиз ҳақида сўзлаб берганингизда, бирор-бир тадбирда иштирок этганингизда, бирор лавозимга ҳужжат топширганингизда ёки хилма-хилликни баҳолаш учун маълумот тақдим этишни танлаганингизда содир бўлиши мумкин.

Биз махсус тоифадаги маълумотлардан фақат улар тегишли, зарур ва мутаносиб бўлган ҳолларда ҳамда Буюк Британия Маълумотларни ҳимоя қилиш умумий регламенти (GDPR), Европа Иттифоқи GDPR регламенти ёки бошқа тегишли маълумотларни ҳимоя қилиш қонунчилигига мувофиқ ҳам қонуний асос, ҳам махсус шарт мавжуд бўлгандагина фойдаланамиз. Контекстга қараб, бунга сизнинг аниқ берилган розилигингиз, иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя тўғрисидаги қонунчилик, сезиларли жамоатчилик манфаати, тенглик мониторинги, ҳаётий манфаатлар, сиз томондан очиқ-ойдин оммалаштирилган маълумотлар, ҳуқуқий даъволар ёки маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бошқа тегишли шартлар кириши мумкин.

Биз Amnesty International ташкилотини қўллаб-қувватлашингиз, кампаниялар, петициялар ёки ҳаракатлардаги иштирокингиз ҳамда сиз шуғулланадиган инсон ҳуқуқлари масалаларига оид маълумотлар, айниқса, бу маълумотлар сиёсий қарашлар, эътиқодлар, алоқалар ёки сиз ва бошқалар учун хавф-хатарларни ошкор қилиши мумкин бўлган ҳолатларда нозик бўлиши мумкинлигини жуда яхши англаймиз. Қандай маълумотларни тўплаш, улардан қандай фойдаланиш, кимлар билан бўлишиш, қанча муддат сақлаш ва қандай хавфсизлик чораларини қўллашни ҳал қилишда биз ушбу омилларни ҳисобга оламиз.

Маълумотлар айрим шахслар, масалан, кампания иштирокчилари, тарафдорлар, шикоятчилар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, гувоҳлар, заиф қатлам вакиллари ёки хавф даражаси юқори бўлган мамлакатлар ёки вазиятлардаги одамлар учун ўзига хос хавф-хатарларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолларда, биз қўшимча хавфсизлик чораларини қўллашимиз мумкин, масалан, маълумотлардан фойдаланиш имкониятини чеклаш, уларни билан бўлишишни чеклаш, тўпланадиган маълумотлар ҳажмини минималлаштириш ёки тегишли ҳолларда анонимлаштирилган ёхуд псевдонимлаштирилган (сохта исмли) маълумотлардан фойдаланиш.

Жиноий ҳуқуқбузарликларга оид маълумотлар ҳам қўшимча ҳимояга муҳтож. Биз улардан фақат қонунчилик йўл қўйган ҳамда улар тегишли, мутаносиб ва зарур бўлган ҳоллардагина фойдаланамиз. Бунга ишга қабул қилишдаги текширувлар, хавфсизликни таъминлаш, фирибгарликнинг олдини олиш, қонуний мажбуриятлар, тартибга солувчи талаблар ёки ҳуқуқий даъволар кириши мумкин.

Маркетинг ва маблағ йиғиш (фандрайзинг) хабарномалари

Биз хабарномаларимиз фойдали ва ҳурматга асосланган бўлишини хоҳлаймиз. Биз сиз билан инсон ҳуқуқлари бўйича кампаниялар, ҳаракатлар, тадбирлар, таълим, маблағ йиғиш, аъзолик ва фаолиятимизни қўллаб-қувватлаш усуллари юзасидан боғланишимиз мумкин.

Қонунчилик розилик талаб қиладиган ҳолларда, маркетинг ёки маблағ йиғиш бўйича электрон почта хабарларини ёхуд шунга ўхшаш электрон хабарномаларни юборишдан олдин сизнинг розилигингизни сўраймиз. Қонунчилик бизга қонуний манфаатларга таянишга рухсат берган ҳолларда ҳам, биз сизга рад этишнинг аниқ усулларини тақдим этамиз.

Хабарномаларимиз сиз учун янада қизиқарли бўлишини таъминлаш ва кераксиз хабарлар юборишнинг олдини олиш мақсадида биз сиз ҳақингиздаги чекланган маълумотлардан, масалан, мамлакатингиз, тилингиз, қайси хабар алмашиш йўлини афзал кўришингиз, аввалги мулоқотларингиз, хайрия тарихингиз, кампанияларга бўлган қизиқишларингиз ёки веб-сайтдаги фаоллигингиздан фойдаланишимиз мумкин. Қонунчилик томонидан йўл қўйилган ва тегишли хавфсизлик чоралари кўрилган ҳоллар мустасно бўлиб, биз маркетинг, маблағ йиғиш учун профиллаштириш (профайлинг) ёки аудиторияни мақсадли танлаш (таргетинг) учун махсус тоифадаги маълумотлардан, болаларга оид маълумотлардан ёки заиф қатлам вакиллари ҳақидаги маълумотлардан қасддан фойдаланмаймиз.

Сиз исталган вақтда обунани бекор қилишингиз ёки ўз созламаларингизни ўзгартиришингиз мумкин. Бунинг учун электрон хатларимиздаги обунани бекор қилиш ҳаволасидан фойдаланишингиз, биз тақдим этадиган созлаш воситаларидан ўтишингиз ёки ушбу сиёсатнинг охирида келтирилган алоқа маълумотлари орқали биз билан боғланишингиз мумкин. Шунингдек, шахсий маълумотларингиздан тўғридан-тўғри маркетинг мақсадларида, жумладан, бунга алоқадор профиллаштириш (профайлинг) учун фойдаланишимизга эътироз билдиришингиз мумкин. Агар эътироз билдирсангиз, биз ушбу мақсадлар учун шахсий маълумотларингиздан фойдаланишни тўхтатамиз.

Агар сиз маркетинг ёки маблағ йиғиш хабарномаларидан воз кечсангиз ҳам, биз сиз билан хизмат кўрсатишга оид хабарлар юзасидан боғланишимиз мумкин. Масалан, квитанциялар юборишимиз, сўровларга жавоб беришимиз, курс ёки ариза ҳақида маълумот беришимиз ёки биз билан бўлган муносабатларингизга оид муҳим маълумотларни тақдим этишимиз мумкин.

Шахсий маълумотларингиз билан бўлишиш

Биз сизнинг шахсий маълумотларингизни сотмаймиз. Биз улар билан фақат тегишли асослар ва зарур хавфсизлик чоралари мавжуд бўлган ҳоллардагина бўлишамиз. Биз шахсий маълумотларни қуйидагилар билан бўлишишимиз мумкин:

  • Кампанияларни ўтказиш, Amnesty International ташкилотига қўшилишга бўлган қизиқишингизга жавоб бериш, маҳаллий миқёсдаги фаолликни қўллаб-қувватлаш ёки инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятимизни ривожлантиришга ёрдам берадиган ҳолларда, шу жумладан, Amnesty International глобал ҳаракатининг бошқа бўлинмалари, жумладан, миллий шўъбалар, тузилмалар ва алоқадор ташкилотлар билан;
  • Биз учун маълумотларни қайта ишловчи хизмат кўрсатувчи провайдерлар, масалан, веб-сайт хостинги провайдерлари, IT-провайдерлар, электрон почта ва алоқа провайдерлари, хайрия ва тўловларни қайта ишловчилар, курслар тақдим этувчилар, ишга қабул қилиш платформалари, таҳлилий провайдерлар ва техник кўмак хизмати провайдерлари билан;
  • Тўловларни амалга ошириш, фирибгарликнинг олдини олиш ёки фирибгарликда гумон қилинган транзакцияларни текшириш учун зарур бўлган ҳолларда, масалан, банклар, тўлов провайдерлари, тегишли молиявий институтлар ҳамда фирибгарликнинг олдини олиш ёки текшириш хизматлари билан;
  • Ишга қабул қилиш провайдерлари, тавсия берувчи шахслар, қонуний ва тегишли бўлган ҳолларда таржимаи ҳолни текшириш (background-check) хизматлари ҳамда ишга қабул қилиш жараёнига жалб қилинган бошқа ташкилотлар билан;
  • Қонунчилик томонидан рухсат этилган ва сизнинг танловингизга мос келадиган ҳолларда, масалан, таҳлилий, cookie файллар, реклама ва ижтимоий тармоқ платформалари билан. Бунга махсус аудитория (custom audience) ёки ўхшаш аудитория (lookalike audience) воситалари кириши мумкин бўлиб, унда мавжуд ёки потенциал тарафдорларга Amnesty International контентини кўрсатиш учун электрон почта манзили каби маълумотлар хавфсиз тарзда мослаштирилиши мумкин. Биз ушбу воситалардан фақат бизда қонуний асос ва талаб қилинганда cookie файллар ёки маркетинг бўйича розилик мавжуд бўлган ҳоллардагина фойдаланамиз. Қонунчилик томонидан йўл қўйилган ва тегишли хавфсизлик чоралари кўрилган ҳоллар мустасно бўлиб, биз сизнинг шахсий маълумотларингизни сотмаймиз ёки махсус аудитория ёки ўхшаш аудитория таргетинги учун болалар ҳақидаги маълумотлардан, махсус тоифадаги маълумотлардан ёки заиф қатлам вакилларига оид маълумотлардан қасддан фойдаланмаймиз;
  • Профессионал маслаҳатчилар, суғурталовчилар, аудиторлар ҳамда бошқарув, молия, хавф-хатарларни бошқариш, ҳуқуқий ёки мувофиқлик (комплаенс) масалаларини қўллаб-қувватловчи ташкилотлар билан; ва
  • Қонун ҳужжатларида талаб қилинган ҳолларда, ҳуқуқларни, хавфсизликни ёки муҳофазани таъминлашимиз зарур бўлганда ёхуд маълумотларни ошкор этмасликнинг иложи бўлмаган вазиятларда, судлар, тартибга солувчи органлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ҳокимияти органлари ёки бошқа учинчи томонлар билан.

Маълумотларни улардан мустақил назоратчи сифатида фойдаланувчи бошқа бир Amnesty International ташкилоти билан баҳам кўрганимизда, ўша ташкилот маълумотлардан ўзи фойдаланганлиги учун ўзи жавобгар бўлади ва унинг шахсий махфийлик қоидалари қўлланилиши мумкин.

Хизмат кўрсатувчи провайдерлар биз учун шахсий маълумотларни қайта ишлаган ҳолларда, биз улардан маълумотлардан фақат бизнинг кўрсатмаларимизга мувофиқ фойдаланишни, уларнинг хавфсизлигини таъминлашни ва маълумотларни ҳимоя қилиш талабларига риоя этишни талаб қиламиз. Биз маълумотларни бўлишадиган баъзи ташкилотлар, масалан, реклама, таҳлилий ёки ижтимоий тармоқ платформалари, кўрсатиладиган хизматга ва сизнинг улардаги созламаларингизга қараб, шахсий маълумотлардан мустақил назоратчи сифатида ўз мақсадлари учун ҳам фойдаланишлари мумкин. Бундай ҳолларда, улар ўзларининг махфийлик қоидаларига мувофиқ сизнинг маълумотларингиздан қандай фойдаланишлари учун ўзлари жавобгар бўладилар.

Халқаро маълумот узатиш

Amnesty International глобал ҳаракатдир. Биз ва биз ҳамкорлик қиладиган ташкилотлар шахсий маълумотларни Буюк Британия, Европа иқтисодий ҳудуди (ЕИҲ) ёки сиз яшайдиган мамлакатдан ташқаридаги давлатларда қайта ишлашимиз мумкин.

Шахсий маълумотларни халқаро миқёсда узатишда биз уларни ҳимоя қилиш чораларини кўрамиз. Буюк Британия GDPR ёки Европа Иттифоқи GDPR қоидалари қўлланиладиган ҳолларда, биз қонуний узатиш механизмидан фойдаланамиз. Бунга маълумотлар ҳимояси даражасининг етарлилиги тўғрисидаги қарор (adequacy decision), стандарт шартномавий бандлар, Буюк Британиянинг маълумотларни халқаро узатиш бўйича иловаси (UK international data transfer addendum), маълумотларни халқаро узатиш тўғрисидаги битим ёки маълумотларни ҳимоя қилиш қонунчилигида назарда тутилган бошқа қонуний хавфсизлик чоралари ёки истиснолар кириши мумкин.

Маълумотларни Буюк Британия ёки ЕИҲдан ташқарида жойлашган Amnesty International ҳаракатининг бошқа бир тузилмаси билан бўлишганимизда, биз маълумотларнинг амалдаги маълумотларни ҳимоя қилиш қонунчилигига мос келадиган стандарт асосида қайта ишланишини таъминлаш учун тегишли келишувлардан фойдаланамиз.

 

Учинчи томон веб-сайтлари ва жойлаштирилган контент

Веб-сайтларимизда учинчи томон веб-сайтларига, иловаларига ёки учинчи томоннинг жойлаштирилган (embedded) контентига ҳаволалар бўлиши мумкин. Буларга Amnesty International филиаллари, алоқадор ташкилотлар ёки бошқа учинчи томонлар бошқарадиган веб-сайтлар ёхуд иловалар кириши мумкин. Ушбу сиёсат биз назорат қилмайдиган хизматларга, масалан, Amnesty International ҳаракатининг Халқаро котибият томонидан бошқарилмайдиган, эгалик қилинмайдиган ёки юритилмайдиган бошқа веб-сайтларига нисбатан қўлланилмайди. У ташкилотлар ўзларининг махфийлик сиёсатига эга бўлиши мумкин.

Болалар ва ёшлар

Веб-сайтларимиз, кампанияларимиз ва тадбирларимиз махсус болаларга қаратилмаган, бироқ биз болалар ва ёшлар ҳам фаолиятимизда иштирок этишлари ҳамда бизни қўллаб-қувватлашлари мумкинлигини тан оламиз.

Агар сиз 13 ёшга тўлмаган бўлсангиз, ота-онангиз ёки васийингиз розилик бермаган бўлса, бизга шахсий маълумотларингизни тақдим этмаслигингиз керак.

Агар сиз 13 ва 18 ёш оралиғида бўлсангиз, кампанияларимиз ва тадбирларимизда иштирок этишингиз мумкин, бироқ шахсий маълумотларингизни биз билан бўлишишингиздан олдин ота-онангиз ёки васийингизни бундан хабардор қилишни тавсия этамиз. Сиз бундай қилганингизда биз қўшимча хавфсизлик чораларини ҳам қўллашимиз мумкин.

Шахсий маълумотлардан фойдаланиш учун розиликка таянадиган ҳолларимизда, ушбу розилик ҳақиқий эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун оқилона чораларни кўрамиз. Бу зарурат туғилганда ота-она ёки васийдан розилик сўрашни ёки розиликни текширишни ўз ичига олиши мумкин.

Биз болаларнинг шахсий маълумотларини қайта ишлашда алоҳида эҳтиёткорлик билан ҳаракат қиламиз. Хусусан, биз:

  • фақат зарур ва мутаносиб бўлган шахсий маълумотларни тўплаймиз ва улардан фойдаланамиз;
  • махфийлик тўғрисидаги маълумотларни аниқ ва ёшга мос тарзда тақдим этамиз;
  • боланинг энг устувор манфаатларини ҳисобга оламиз;
  • болалар кампанияларимиз, таълим тадбирларимиз, учрашувларимиз ва хабарномаларимизда иштирок этганда қўшимча хавфсизлик чораларини қўллаймиз;
  • болаларнинг шахсий маълумотларидан профиллаштириш (профайлинг) ёки маркетинг учун, агар бу ноҳақ, чалғитувчи ёки ноўрин бўлиши мумкин бўлса, фойдаланмаймиз.

Айрим ҳолларда, боланинг муайян тадбирларда иштирок этишига рухсат беришдан ёки уларнинг шахсий маълумотларини тўплаш ёки улардан фойдаланишдан олдин ота-она ёки васийнинг жалб этилишини талаб қилишимиз мумкин. Шунингдек, тегишли хавфсизлик чораларини кўриш имкони бўлмаган ҳолатларда муайян функциялардан фойдаланишни чеклашимиз мумкин.

Агар биз тегишли розиликсиз боланинг шахсий маълумотларини тўплаганимиздан хабардор бўлсак, уларни имкон қадар тезроқ ўчириш чораларини кўрамиз.

Болалар, ота-оналар ва васийлар исталган вақтда саволлар бериш ёки маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқларидан фойдаланиш учун биз билан боғланишлари мумкин.

 

Хавфсизлик

Биз шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш учун тегишли техник ва ташкилий чора-тадбирларни қўллаймиз. Ушбу чоралар маълумотларнинг хавфсизлиги, аниқлиги ва улардан фақат зарур шахсларгина фойдалана олишини таъминлаш учун мўлжалланган. Улар маълумотлардан фойдаланиш имконияти, уларни сақлаш, тўловларни қайта ишлаш, хизмат кўрсатувчи провайдерлар ва тизим хавфсизлиги устидан назоратни ўз ичига олади.

Шунингдек, тўлов хизматлари провайдерларимиз орқали тўловларни қайта ишлаш учун хавфсиз тизимлардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратамиз. Интернет орқали амалга ошириладиган ҳеч бир маълумот узатиш мутлақо хавфсиз бўла олмайди. Шунга қарамай, биз шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш устида ишлаймиз ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммо юзага келган тақдирда тегишли тарзда чора кўрамиз.

Шахсий маълумотларни қанча муддат давомида сақлаймиз

Биз шахсий маълумотларни фақат ушбу сиёсатда кўрсатилган мақсадлар учун зарур бўлган муддат давомида сақлаймиз. Шундан сўнг биз уларни ўчириб ташлаймиз, анонимлаштирамиз ёки фақат ҳуқуқий, ҳисобдорлик, архив, тадқиқот ёки таҳлилий мақсадлар учун зарур бўлган қисминигина сақлаб қоламиз.

Маълумотларни сақлаш муддатимиз маълумотлар турига, уларни нима учун тўплаганимизга, биз билан алоқада қолишингиз ёки қолмаслигингизга, хизмат кўрсатиш ёки муносабатларни бошқариш учун улар бизга керак бўлишига ҳамда уларни ҳуқуқий, молиявий, аудит, солиқ, тартибга солувчи, меҳнат муносабатлари, хавфсизликни таъминлаш, низолар ёки далиллар келтириш сабабларига кўра сақлашимиз шартлигига боғлиқ бўлади.

Масалан, хайрия тўғрисидаги қайдларни молиявий ва аудит сабабларига кўра сақлаш талаб этилиши мумкин. Ишга қабул қилиш бўйича қайдлар аризаларни бошқариш, сўровларга жавоб бериш ва қонуний ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун сақланиши керак бўлиши мумкин. Веб-сайт ва cookie файллар тўғрисидаги маълумотлар, Cookie файллар тўғрисидаги баёнотимизда тушунтирилганидек, технология ва мақсадга қараб қисқароқ ёки узоқроқ муддат давомида сақланиши мумкин.

Сиз маркетинг ёки маблағ йиғиш хабарномаларидан воз кечсангиз, танловингизни ҳурмат қила олишимиз учун биз сизни ушбу рўйхатлардан чиқариш тўғрисидаги чекланган қайдларни (suppression records) сақлаб қолишимиз мумкин. Шунингдек, ҳисобдорлик, ҳуқуқий, аудит ёки далил келтириш мақсадларида зарур бўлган ҳолларда петициялар, кампания ҳаракатлари, хайриялар, шикоятлар ёки ҳуқуқий мурожаатларнинг чекланган қайдларини сақлашимиз мумкин.

Муваффақиятсиз якунланган ишга қабул қилиш аризалари, агар муайян ҳолатда қонун ҳужжатларида узоқроқ муддат талаб қилинмаса ёки рухсат этилмаса, танлов жараёни якунланган пайтдан бошлаб уч йил давомида сақланади.

Сизнинг махфийлик ҳуқуқларингиз

Бизда мавжуд бўлган сиз ҳақингиздаги шахсий маълумотлар сизга тегишлидир. Сиз яшайдиган жой ва маълумотларингиздан қандай фойдаланишимизга қараб, Буюк Британия GDPR, Европа Иттифоқи GDPR ёки бошқа тегишли маълумотларни ҳимоя қилиш қонунчилигига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлишингиз мумкин:

  • шахсий маълумотларингиздан қандай фойдаланишимиз ҳақида маълумот олиш;
  • бизда мавжуд бўлган сиз ҳақингиздаги шахсий маълумотлар нусхасини сўраш;
  • ноаниқ ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни тузатишни сўраш;
  • маълумотларингизни ўчириб ташлашни сўраш;
  • маълумотларингиздан фойдаланиш усулларини чеклашни сўраш;
  • маълумотларингиздан фойдаланишимизга, жумладан, биз қонуний манфаатларга таянаётган ҳолатларга эътироз билдириш;
  • исталган вақтда тўғридан-тўғри маркетингга, жумладан, маблағ йиғиш хабарномаларига ва уларга алоқадор профиллаштириш (профайлинг) жараёнига эътироз билдириш;
  • маълумотларни узатиш ҳуқуқи қўлланиладиган ҳолларда, бизга тақдим этган маълумотларингизни ўзингизга ёки бошқа ташкилотга узатишни сўраш;
  • биз розиликка таянадиган ҳолларда, исталган вақтда розиликни қайтариб олиш. Бу сиз розиликни қайтариб олгунингизга қадар қонуний равишда амалга оширган ишларимизга таъсир қилмайди; ва
  • тегишли ҳолларда, автоматлаштирилган қарорлар қабул қилиш ва профиллаштириш (профайлинг) билан боғлиқ ҳуқуқлардан фойдаланиш.

Ушбу ҳуқуқлар мутлақ (чекланмаган) эмас. Айрим ҳолларда биз маълумотларни сақлашимиз ёки улардан фойдаланишимиз керак бўлиши мумкин, масалан, қонуний мажбуриятларни бажариш, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, шикоятларни кўриб чиқиш ёхуд ҳуқуқий даъволарни қўзғатиш, амалга ошириш ёки ҳимоя қилиш учун. Агар сиз сўраган нарсани бажара олмасак, имкон қадар бунинг сабабини тушунтириб берамиз.

Биз сиз учун ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарадиган ёки худди шундай муҳим таъсир кўрсатадиган қарорларни, агар сизга бошқача тарзда маълум қилмаган бўлсак ва қонунчилик бунга йўл қўймаса, фақатгина автоматлаштирилган қайта ишлашга, жумладан, профиллаштиришга (профайлинг) асосланган ҳолда қабул қилмаймиз.

Ишга қабул қилиш бўйича махфийлик баёноти

Amnesty International ишга қабул қилиш жараёнида шахсий маълумотларга масъулият билан ёндашиш мажбуриятини олади.

Биз ишга қабул қилиш ва номзодларни танлаш жараёнини бошқариш учун сиз аризангизда тақдим этган маълумотлардан фойдаланамиз. Бу сизнинг лавозимга лойиқлигингизни баҳолаш, суҳбатлар ёки синовларни ташкил этиш, сиз тақдим этган маълумотларни текшириш, сиз билан боғланиш, аризангиз бўйича қарор қабул қилиш, қонуний мажбуриятларни бажариш ва ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишни ўз ичига олиши мумкин.

Аризаларни ва уларга алоқадор жараёнларни бошқаришда бизга кўмаклашиш учун ишга қабул қилиш бўйича хизмат кўрсатувчи провайдерлардан фойдаланишимиз мумкин. Тегишли асосларсиз, масалан, сизнинг розилигингиз, қонунчилик талаби, ишга қабул қилишни маъмурийлаштириш, тавсияномаларни текшириш, хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқий даъволар ёки ушбу сиёсатда кўрсатилган бошқа қонуний асослар мавжуд бўлмаса, биз сизнинг ишга қабул қилишга оид маълумотларингизни учинчи томонларга ошкор қилмаймиз.

Агар сиз хилма-хиллик ва тенг имкониятларни баҳолаш учун маълумотларни (масалан, жинсингиз, ёшингиз, жинсий ориентациянгиз, динингиз ёки эътиқодингиз, қарамоғингиздаги шахслар учун масъулият, ногиронлигингиз, этник келиб чиқишингиз ёки келиб чиққан ҳудудингиз) тақдим этишни танласангиз, биз улардан тенглик, хилма-хиллик ва инклюзивлик мониторинги учун фойдаланамиз. Имкон қадар биз анонимлаштирилган ёки умумлаштирилган маълумотлардан фойдаланамиз.

Шунингдек, ишга қабул қилиш учун тегишли бўлган ва қонунчилик йўл қўйган ҳолларда, биз махсус тоифадаги маълумотларни ва жиноий ҳуқуқбузарликларга оид маълумотларни қайта ишлашимиз мумкин. Бу тенглик мониторинги, оқилона ўзгартиришлар киритиш, ишлаш ҳуқуқини текшириш, хавфсизликни таъминлаш, лавозимга мувофиқликни баҳолаш, қонуний мажбуриятлар ёки ҳуқуқий даъволарни ўз ичига олиши мумкин.

Аризангизнинг бир қисми сифатида сиздан декларацияни тасдиқлаш сўралиши мумкин. Ушбу декларацияда аризангиздаги маълумотлар тўғри ва тўлиқ эканлиги, маълумотларни қасддан яшириш, сохталаштириш ёки нотўғри кўрсатиш аризанинг рад этилишига ёки ишдан бўшатишга олиб келиши мумкинлиги, тегишли ҳолларда касбий рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритишимиз мумкинлиги ҳамда шахсий маълумотларингизни ушбу сиёсатда белгиланган махфийлик шартлари асосида қайта ишлашимиз мумкинлиги кўрсатилган бўлиши мумкин.

 

Биз билан қандай боғланиш ёки ҳуқуқларингиздан фойдаланиш мумкин

Агар сиз ўз ҳуқуқларингиздан фойдаланмоқчи, савол бермоқчи ёки ушбу сиёсат бўйича хавотир билдирмоқчи бўлсангиз, биз билан қуйидаги йўллар орқали боғланишингиз мумкин:

  • Почта орқали: Amnesty International Limited, International Secretariat, 1 Easton Street, London, WC1X 0DW, UK.
  • Электрон почта орқали: [email protected]
  • Телефон орқали: +44 (0) 20 7413 5500

Шикоятлар

Агар шахсий маълумотларингизга бўлган ёндашувимиздан қониқмаётган бўлсангиз, юқорида келтирилган алоқа маълумотлари орқали биз билан боғланинг. Шикоятингизни тўғри тушунишимиз учун етарлича маълумот тақдим этишингизни сўраймиз. Биз шикоятлар қабул қилинганлигини 30 кун ичида тасдиқлаймиз. Шикоятларга кечиктирмасдан жавоб бериш, сизни шикоятингизни кўриб чиқиш қандай кетаётгани ҳақида хабардор қилиб туриш ва натижаси тўғрисида маълум қилиш учун тегишли чораларни кўрамиз.

Шунингдек, сиз маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича назорат органига шикоят қилиш ҳуқуқига эгасиз. Буюк Британияда бу Ахборот комиссари идораси (Information Commissioner’s Office) ҳисобланади:

Агар маълумотларингиздан фойдаланишимизга Европа Иттифоқи GDPR қоидалари қўлланилса, сиз ўзингиз яшайдиган, ишлайдиган ёки муаммо юз берган деб ҳисоблаган ЕИ мамлакатидаги назорат органига ҳам шикоят қилишингиз мумкин.